Профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич

2021 йил 26 июль жаҳон, минтақа ва Ўзбекистон Республикасида илм-фан соҳасига улкан ҳисса қўшган буюк сиймо, таълим соҳасининг етук намоёндаларидан бири, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларини ривожлантириш бўйича қишлоқ хўжалиги университетлари Консорциуми раиси, қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари бўйича университетлар ассоциацияси глобал конфедерацияси ижроия қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич оламдан ўтдилар.

Умурзаков Ўктам Пардаевич 1952 йил 20 августда Сирдарё вилоятида туғилган. 3 нафар фарзандини олий маълумотли  қилиб тарбиялади. Умурзаков Ўктам Пардаевич кўп йиллардан буён ўз иш фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасида илм-фан ва таълим соҳасида катта ташуббусларни илгари суриши билан бир қаторда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини ривожланиши учун улкан ҳисссаларини қўшиб келаётган эди. 1974 йилдан бошлаб институт кафедрасида иш фолиятини бошлаган. 1974-1977-йилгача Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг “Машиналар пухталиги ва ремонти” кафедрасининг кичик илмий ходими, 1977-1980-йилларда илмий-тадқиқот лабораторияси кичик илмий ходими, 1980-1990-йилларда “Материалшунослик ва машинасозлик” кафедраси ассистенти, 1990-1992-йилларда Малака ошириш факультети декани, 1992-1996-йилларда институтнинг қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандисларини тайёрлаш маркази проректори лавозимларида ишлаган. 1996-1999-йилларда “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети декани, 1999-2004-йилларда институтнинг Илмий ишлар ва ахборот технологиялари бўйича проректори, 2004-2011-йилларда Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, 2011-2013-йилларда эса Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, ректор вазифасини бажарувчи, 2013-йилдан ҳозирга қадар Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг “Сув хўжалиги иқтисоди” кафедраси профессори, 2017-йил 26-майдан ҳозирга қадар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ректори, Республика Олий таълим Кенгаши раиси сифатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган эдилар.

Умурзаков Ўктам Пардаевич Ўзбекистон Республикаси фан ва таълим ходимлари орасида муносиб ўрин эгаллади. У дунёнинг етакчи таълим муассасалари ва таълим консорциумлари билан кўплаб илмий ва амалий лойиҳаларнинг илмий раҳбари ва ташкилотчиси бўлган. Шунингдек, Республика олий ўқув юртлари кенгаши раиси сифатида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди ва бу ишлари давлатимиз томонидан юқори баҳоланди ва қўллаб-қувватланди.

Унинг илмий раҳбарлиги остида иқтисодиёт, сув ва қишлоқ хўжалиги каби турли билим соҳаларида тажрибали ва иқтидорли кадрлар тайёрланди.

Биргина Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти йўналишида унинг раҳбарлиги остида 100 га яқин шогирдлари диссертация ишларини ҳимоя қилишди ва улар ҳозирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.

Ташкилот ва унинг шахсий ташаббуси билан ТИҚХММИ мамлакатимиз ва Марказий Осиё олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб пандемия ва онлайн таълим шароитида HUAWEI компанияси билан ҳамкорликда талабалар учун UzReport телеканали орқали ҳозирга қадар давом этиб келаётган профессор-ўқитувчиларнинг маърузаларини эфирга узатилишини ташкил қилди. 

2017 йил май ойида институт ректори лавозимига тасдиқланган ондан бошлаб профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич республикада биринчилардан бўлиб ташаббус билан чиқди ва ТИҚХММИни обрўсини ошириш, миллий ҳамда бутунжаҳон миқёсида олий таълим муассасалари орасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Ректор лавозимида иш бошлаганидан 1 йил ўтиб, унинг меҳнатлари сабабли 2018 йил якуни бўйича ТИҚХММИ олий таълим муассасаларининг Миллий рейтингида 3-ўринга кўтарилди.  2019 йилда ТИҚХММИ 2-ўринга кўтарилган бўлса, 2020 йилда етакчи ОТМдан 0,1 балл фарқ билан 2 ўринни эгаллаб ўз ўрнини сезиларли яхшилаб олди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути жаҳон университетларини халқаро рейтинги ва Quacquarelli Symonds (QS) агентлигиниг рейтингида Унинг мувафаққиятли раҳбарлиги остида тўпланган жамоаси Ўзбекистон тарихида илк бора 2019 йилда “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё (Emerging Europe and Central Asia – EECA)” рейтингига киритилди ва 351+ ўринни эгаллади, 2020 йилда янада юқори мувафаққиятга эришди ҳамда 301+ ўринни эгаллаб ўз мавқеини мустаҳкамлади. Бундан ташқари, ҳудди шундай яна бир Times Higher Eduducation (THE) халқаро рейтинг агентлиги томонидан ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари инсититути Республикада биринчи бўлиб, жаҳоннинг етакчи университетлари орасида “Тоза сув ва санитария” йўналишида - 201-300 ўрин, “Ердаги ҳаёт” йўналишида 201+ўринни қайд этди. Юқорида қайд этилган Times Higher Eduducation (THE) халқаро рейтинг агентлигининг мезонига кўра ТИҚХММИ мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Профессор Ўктам Пардаевичнинг фаоллиги ва халқаро ҳамкорлик мавқеи сабабли ТИҚХММИ 30 дан ортиқ халқаро уиверситетлар билан меморондум ва шартномалар тузилди ҳамда улар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот лойиҳалари ва таълим дастурлари бажарилди.

У Республиканинг энг муҳим муҳандислик олий таълим муассасаси ректори сифатида, юқори давлат ташкилотлари ҳужжатлари қабул қилишда жуда масъулият билан ҳамда профессионал ёндошган. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги 6024-сонли “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси”ни ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси тузилган. Рахбарликлари остида мана шундай катта чора-тадбирлар режасиниг ижросини амалга ошира оладиган кадрлар тарбияланган ва тайёрланган. У институтда амалга оширган ислоҳотлар ва уларнинг улкан натижаларига эътибор қаратган. Бунга мисол қилиб янги илмий лабораториялар ва пилот кафедраларни ҳамда уларга жалб этилган инвестициялар ва бошқаларни келтириш мумкин.

Ректор деганда ҳаёлимизга асосан қатиққўл, расмий ва жуда қатъиятли одам келади. Бироқ, Ўктам Пардаевич ҳоҳ у талаба бўлсин ҳоҳ институт ходими бўлсин, ҳар бир одам кўнглига осонликча йўл топа оладиган жуда ажойиб шахс, психолог эдилар. Улар жуда хақиқатгўй ва одил инсон бўлганлар. Ўктам Пардаевич, битирувчи ўз дипломини шахсан ректор қўлидан олиши керак ва бу жараён ўсиб келаётган ёш авлод учун жуда ҳаяжонли дақиқалардан бири эканлигини таъкидлар ва бу жараёнга эътибор билан ёндошардилар.

Ўктам Пардаевич доим ёш иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилар, катталарни маслаҳатларига кирар, малакали профессор-ўқитувчиларни ҳурмат қилар, фан ва таълимдаги янгилик ва ўзгаришларни ёқтирар эдилар. Умурзаков Ўктам Пардаевичнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёш авлодга ўз йўлини топишда ёрдам берадиган катта китоб ёзса бўлади.

Ўктам Пардаевич ўз соҳасига фидоий профессор, ноёб шахс ва буюк раҳбар эдилар.

Устознинг барча оила аъзолари, яқинлари ва шогирдларига, жумладан, фарзандлари Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковга чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Тошкент ирригация ва қишлоқ

хўжалигини механизациялаш

муҳандислари институти

ректорати