Стипендия тайинлаш

 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида

2004 йил 16 апрелда 1339-сон билан рўйхатга олинган

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлигининг

2004 йил 10 мартдаги 2-П, 43-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

 

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

Мазкур Йўриқномага қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

АВ 26.08.2005 й. 1339-1-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори,

АВ 13.02.2008 й. 1339-2-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори,

АВ 07.08.2012 й. 1339-3-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори,

АВ 30.06.2015 й. 1339-4-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори,

АВ 19.08.2016 й. 1339-5-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори

 

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 августдаги “Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида” 344-сон қарорининг 3-бандини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда Олий таълим муассасаларининг талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

стипендия - Олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича ва пулли - контракт асосда кундузи ўқийдиган, давомати яхши бўлган талабаларига (бундан чет эллик талабалар мустасно), Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, тўланадиган ойлик пул таъминоти (нафақа).

Стипендия чуқур касбий билимларни эгаллаш ва давоматни оширишда талабаларни рағбатлантириш, мутахассисларни тайёрлаш сифатини янада ошириш учун зарур шароитлар барпо этиш мақсадида тўланади;

стипендия комиссияси - Олий таълим муассасаларида талабаларга стипендиялар тайинлаш учун ўқув ишлари бўйича проректор раислигида бир ўқув йилига факультетларнинг деканлари (бакалавриат даражасида факультет деканати назарда тутилмаган олий таълим муассасаларида - Ўқув-услубий бўлим (бошқарма) бошлиғи), касаба уюшмаси ва ёшлар ташкилотлари, академик гуруҳлар, бухгалтерия вакилларидан ташкил этиладиган ва Олий таълим муассасасининг ректори (унинг вазифаларини бажарувчи шахс) тасдиқлайдиган комиссия; (АВ 19.08.2016 й. 1339-5-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

рейтинг назорати - Олий таълим муассасасида давлат таълим стандартларига кирадиган фанлар бўйича талабаларнинг билим ва маҳоратларининг аттестацион синовлари;

улгураётган талаба - бундан аввалги ўқув семестри учун рейтинг назорати натижалари бўйича академик қарзи бўлмаган талаба.

2. Талабалар давоматининг даражасига боғлиқ ҳолда стипендияларнинг миқдорлари табақаланади.

3. Олий таълим муассасаларида 2001 йил 1 сентябрдан бошлаб талабаларнинг давоматига боғлиқ ҳолда табақаланган коэффициентларни қўллаш билан стипендияларнинг базавий миқдорларлари белгиланган:

рейтинг бўйича энг юқори баллар

(86-100%)                                                - 1,0;

рейтинг бўйича юқори баллар

(71-85%)                                                  - 0,75;

рейтинг бўйича ўртача баллар

(55-70%)                                                  - 0,5.

АВ 19.08.2016 й. 1339-5-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарорига мувофиқ саккизинчи хатбоши чиқариб ташланган

4. Давлат грантлари бўйича ва пулли - контракт асосида ўқиётган бакалавриат ва магистратура биринчи курсининг талабаларига стипендия миқдори биринчи ўқув семестрида стипендиянинг базавий миқдоридан 0,5 коэффициентини қўллаган ҳолда белгиланади. Иккинчи ва ундан кейинги семестрларда стипендия табақаланган коэффициентларни қўллаган ҳолда талабаларнинг давомати (рейтинги)га боғлиқ равишда тайинланади.

5. Улгураётган табалаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендия ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тўланади.

Тошкент давлат юридик университетида улгураётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендиялар якуний назорат натижалари эълон қилинганидан сўнг, ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тайинланган ҳолда тўланади. (АВ 30.06.2015 й. 1339-4-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

6. Улгураётган талабаларга стипендия тайинлашни стипендия комиссияси қуйидаги тартибда амалга оширади:

Ўқув семестрининг барча фанлари бўйича талабанинг ҳақиқий рейтинги кўрсаткичларини белгилаш учун асос бўлиб белгиланган тартибда тўлдирилган, рейтинг назорати бўйича қайдномалар ёки талабанинг рейтинг дафтарчаси ҳисобланади, улар тенг кучга эгадир.

Ўқув семестри мобайнида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларнинг 86-100 фоизини тўплаган талабага 1,0 коэффициенти билан стипендия тайинланади.

Ўқув семестри мобайнида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларнинг 71-85 фоизини тўплаган талабага 0,75 коэффициенти билан стипендия тўланади.

Ўқув семестри мобайнида бир ёки ундан кўп фанлар бўйича энг юқори балларни 55-70 фоиз доирасида тўплаган талабага 0,5 коэффициенти билан стипендия тўланади.

Стипендия тўлаш учун стипендия комиссияси тавсия этган талабаларнинг рўйхатлари олий таълим муассасаси ректорининг (унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг) буйруғи билан тасдиқланади. (АВ 07.08.2012 й. 1339-3-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги хатбоши)

7. Ўқув семестри учун рейтинг назорати натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзга (бир ёки ундан кўп фанлар бўйича 55% дан кам рейтингга) эга бўлган Олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Белгиланган тартибда академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан кўп фоиз тўплаган) талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этиш муддати тугаганидан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб, талабанинг давомати (рейтинги)га қараб табақалаштирилган коэффициентларни қўллаган ҳолда кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади. (АВ 30.06.2015 й. 1339-4-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

Қайта ўзлаштириш учун уларга тақдим этилган бир ойлик муддат мобайнида академик қарзини бартараф этмаган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назарий ўқишнинг кейинги семестрига (курсига) ўтказилган ҳамда кейинчалик академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан кўп фоиз тўплаган) Тошкент давлат юридик университети талабаларига стипендия академик қарз бартараф этилгандан кейин келадиган ойнинг биринчи санасидан бошлаб, талабанинг ўзлаштириши (рейтинги)га қараб табақалаштирилган коэффициентларни қўллаган ҳолда, академик қарз бартараф этилган ўқув семестрининг охирига қадар тайинланади. (АВ 19.08.2016 й. 1339-5-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

8. Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра академик қарзга эга бўлган талабалар академик қарзларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар степендиядан маҳрум этилмайдилар.

Ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабабга кўра рейтинг назоратининг бирор-бир турини топширмаган Тошкент давлат юридик университети талабаларига қайта ўзлаштириш учун академик қарздорларга тақдим этиладиган давр учун стипендия рейтинг назоратини муваффақиятли топширган тақдирда тўланади.

(АВ 19.08.2016 й. 1339-5-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)

9. Ўқув режаси билан назарда тутилган малака амали-ётлари ва таътиллар даврида талабаларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.

10. Пенсия оладиган талабаларга стипендия умумий асосларда тайинланади.

11. Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди.

Талаба академик таътилдан қайтганидан кейин унга стипендия тўлаш аввалги миқдорларда жорий ўқув семестрининг охирига қадар тикланади.

12. Илгари маъмурият ташаббуси билан Олий таълим муассасасидан чиқарилган талабалар ўқишга тикланганда мазкур ўқув семестри учун стипендия, стипендия базавий миқдоридан 0,5 коэффициентини қўллаган ҳолда тайинланади.

13. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун талабаларга стипендия қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида тўлиқ миқдорда тўланади.

Агар ҳомиладорлик академик таътил даврида юзага келган бўлса, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисида ягона намунадаги маълумотнома тақдим этилганда академик таътил тўхтатилиши ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили расмийлаштирилиши керак.

2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга стипендия тўлиқ миқдорда тўланади. Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлиш даврида стипендия тўланмайди.

Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш бўйича нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

(АВ 30.06.2015 й. 1339-4-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)

14. Белгиланган тартибда бир Олий таълим муассасаси (факультет)дан бошқасига, шунингдек таълимнинг сиртқи шаклидан кундузги шаклига ўтказилган талабаларга стипендия улар томонидан рейтинг назорати натижалари бўйича, ўқув режаларидаги тафовутлар бартараф этилганидан кейин тайинланади.

Академик қарз мавжуд бўлмаганида стипендия академик маълумотнома (рейтинг дафтарчаси)да кўрсатилган, аввалги ўқув жойидаги рейтинг назорати натижалари бўйича тайинланади ва янги ўқув жойига қайд этилган пайтдан бошлаб Олий таълим муассасаси ректорининг (унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг) буйруғи асосида тўланади. (АВ 07.08.2012 й. 1339-3-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги хатбоши)

Ёзги таътил вақтида талабаларга стипендия тўлаш улар ўтказишга қадар ўқиган Олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

15. Давлат грантлари бўйича Олий таълим муассасаларининг охирги курсларида ўқиётган сиртқи бўлимлар талабаларига, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 256-моддасига мувофиқ, битириш ишига материаллар тайёрлаш учун ўттиз тақвимий кун миқдорида иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилади. Кўрсатилган таътил даврида талабалар умумий асосларда стипендияга қайд этиладилар.

16. Олий таълим муассасасининг ректори (унинг вазифасини бажарувчи шахс) истеъдодли ва жамоат ҳаётида фаол бўлган талабаларга Васийлик ва Илмий кенгашлар тавсиялари бўйича, тегишли йил учун олий таълим муассасасининг харажатлар сметасида тасдиқланган стипендия фонди доирасида Олий таълим муассасасининг шахсий стипендияларини белгилашга ҳақлидир. Олий таълим муассасаси талабасининг шахсий стипендияси миқдори рейтинг назорати бўйича энг юқори балларга эга бўлган талабаларнинг стипендиясидан 10 фоиз кўп қилиб белгиланади. (АВ 13.02.2008 й. 1339-2-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги банд)

17. 2002-2003 ўқув йилида бир йилда бир талабани ўқитиш учун қийматда стипендия фонди 1,0 табақаланган коэффициентини қўллаган ҳолда ҳар ойда тўланадиган стипендияни ҳисобга олиб белгиланган. 2003-2004 ўқув йилидан бошлаб бир йил учун бир талабани ўқитиш қийматида 0,75 коэффициентини қўллаган ҳолда ҳар ойда тўланадиган стипендияни ҳисобга олган равишда стипендия фондининг миқдори назарда тутилади.

Пуллик-контракт асосида ўқитишнинг ўқув йили учун қийматига киритилган ҳар ойда тўланадиган стипендия суммаси талабалар давоматининг рейтинг кўрсаткичларидан қатъи назар қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва қайтарилмайди (АВ 13.02.2008 й. 1339-2-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

Олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт асосида таълим олувчи битирувчи курслари талабалари учун июль ва август ойлари учун стипендия суммаси охирги ўқув йилидаги (қисмларга бўлиб тўланганда - охирги ўқув семестридаги) таълим учун киритилаётган тўловдан чиқариб ташланади. Бунда чиқариб ташланаётган стипендия суммаси олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларининг охирги ўрнатилган пайтига 0,75 коэффициентни қўллаган ҳолда стипендиянинг базавий миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. (АВ 07.08.2012 й. 1339-3-сон билан рўйхатга олинган ОЎМТВ, МВ Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

18. 2003-2004 ўқув йилидан бошлаб ўтган ўқув семестри якунлари бўйича талабанинг рейтинги кўпайган ва ўртача ҳисоб-китобни табақаланган коэффициентнинг ўқитиш қийматида назарда тутилган қиймати 0,75 дан 1,0 га кўпайган тақдирда ҳар ойда тўланадиган стипендия суммасидаги фарқ стипендия фондини тежаш ва ўқитишнинг пулли-контракт шакли бўйича сметанинг умумий харажатлари ҳисобидан амалга оширилади.

19. Талабаларнинг стипендияларидан ушлаб қолишларга йўл қўйилмайди.

Талабаларга стипендияни тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан назорат қилиш Олий таълим муассасасининг стипендия комиссиясига юкланади.

20. Мазкур Йўриқноманинг талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ВА НАФАҚАЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА