Абитуриентларга эслатма

Абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
  • паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
  • меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун);
  • танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • ҳарбий қисмдан тавсиянома.

Абитуриент томонидан паспорт (паспорт ёшига етмаганлар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат қабул комиссиясига шахсан кўрсатилади.

Жисмоний тарбия институтига ҳужжат топшираётган абитуриентлар юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларга қўшимча равишда спорт малакасини тасдиқловчи ҳужжат (спорт даражаси китобчаси), 8 та фотокарточка (махсус спорт текшируви учун) топширишлари лозим.

Махсус сиртқи бўлимга ҳужжат топширувчи шахслар белгиланган тартибда меҳнат дафтарчасидан кўчирма топширишади. Махсус сиртқи бўлимга фақат ўрта махсус касб-ҳунар таълимига ва 3 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга шахслар қабул қилинади.

Паспорт шахсан тақдим этилади.

Гуруҳлар бўйича абитуриентлар рўйҳати ва бино ва аудиторияларнинг жойлашиши акс этган чизмалари ўқув ютрлари қабул комиссиялари томонидан тест синовлари ўтказилишидан 3 кун олдин эълонлар тахтасига осилади.

Юқорида кўрсатилган барча ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолда қабул комиссияси абитуриентни қабул қилишни инкор этиш ҳуқуқига эга эмас. Фуқаролар иккинчи ва кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар. («Таълим тўғрисида»ги Қонун,14-модда).

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган кундан 3 кун олдин тест синовлари ўтказиладиган бинонинг жойлашган ўрни ва номи, қават ва аудитория рақами кўрсатилган чизмани синчиклаб ўрганади ва эслаб қолади. Тест синовларидан 3 кун олдин абитуриентга гуруҳ рақами кўрсатилган руҳсатнома берилади.

Тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шакли учун ҳар йили 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.