Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти факултети

Факултет декани

 Исақов Абдусаид Жалилович

Техника фанлари доктори

Қабул кунлари: Чоршанба: 10:00-13:00

тел.: (+99871) 237-19-69

e-mail: abdusaidus72@mail.ru

www.earw.tiiame.uz


Факултет ҳақида

Институт тарихида ўз  ўрнига эга бўлган “Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш” факультети 1961 йилда ташкил топган бўлиб, ўз фаолиятини янги босқич сифатида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини электрлаштириш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш йўналишида кадрлар тайёрлашдан бошлаган. Факультет таркибидан 1978 йилда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини автоматлаштириш йўналиши алоҳида факультет сифатида ажралиб чиққан ва уч йилдан сўнг 1981 йилда қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш факультети бўлиб қайта бирлашган.

Ушбу факультетнинг ривожланишига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, профессор П.В.Байдюк, таниқли профессорлар С.М.Мажидов, М.Ф.Зарипов, М.И.Исмоилов доцентлар М.С.Мушкатин, В.И.Соколов, И.П.Осика, А.Д.Шишкин, М.М.Эгамбердиева, катта ўқитувчилар А.М.Пелипенко, Э.Д.Тошев, Ю.А.Гетман, С.Х.Алиевлар катта ҳисса қўшганлар.

Турли вақтларда факультетга И.А.Рейнике, Ю.С.Першин, Н.З.Закиров, Н.К.Муқумбаев, Б.Ш.Файзуллаев, А.Р.Раджабов, М.И.Исмаилов, Х.М.Мурадов, А.Д.Рахматов,М.Э.Мамедшахов, Ш.Э.Бердиев, А.Х.Вахидовлар раҳбарлик қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3003-сонли қарори асосида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «Қишлоқ ва сув хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш» факультети қайта ташкил этилиб, унинг таркибига Тошкент давлат аграр университетининг тегишли кафедралари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари келиб қўшилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3702-сонли қарори асосида факультет номи «Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти» деб номланди.

Бугунги кунда факультетда 1000 га яқин бакалаврва 16 нафар магистрлар таълим олмоқда ва факультетга техника фанлари доктори, профессор Абдусаид Жалилович Исақов раҳбарлик қилмоқда.

Факультетда 5та бакалавриат таълим йўналиши 5430200-Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш, 5111021-Касб таълими(5430200-Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш), 5310200-Электр энергетика (сув хўжалигида),  5313200-Техника ва технологияларнинг техник экспертизаси ва маркетинги (Электр ва электрон техникалар) ва5311000-Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш   ва бошқариш (сув хўжалигида) ҳамда 4 та магистратура мутахассислиги 5А430201-Агросаноат мажмуи электротехник ускуналари ва электр таъминоти, 5А310201-Электр таъминоти (сув хўжалигида), 5А311001-Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш (сув хўжалигида) ва 5А430501-Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти бўйича кадрлар тайёрланади.

 Факультетда “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари”, “Электротехнологиялар ва электр жиҳозлардан фойдаланиш”, “Технологик жараён ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” ва “Электротехника ва мехатроника” кафедралари фаолият кўрсатмоқда.