Институт ректорининг 2014  йил “22” августдаги

353 а/ф- сонли буйруғига

4- илова

 

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари асосида оғзаки ва ёзма шаклда ахборот тақдим этиш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА

 

  1. Умумий қоидалар

 

  1. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган.
  2. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонунига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларга институтнинг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилиши ҳақидаги сўровлар билан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида мурожаат этиш, шунингдек, уларга давлат тилида жавоблар олиш ҳуқуқи таъминланади. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг бошқа тилларда ҳам мурожаат этиш ва жавоб олиш ҳуқуқи таъминланади.

 

  1. Мурожаатларни кўриб чиқиш

 

  1. Институт ва унинг таркибий бўлимларининг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилиши ҳақида белгиланган тартибда берилган сўровлар албатта кўриб чиқилиши керак.
  2. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг институт фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилиши ҳақидаги сўровларини кўриб чиқиш институт раҳбарияти резолюциясида белгиланган тегишли таркибий бўлимлар раҳбарлари томонидан амалга оширилади.
  3. Институт таркибий бўлимлари раҳбарлари тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, шунингдек, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари бўйича тақдим этиладиган таҳлилий материалларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва сифати учун шахсан жавобгардир.
  4. Ахборотдан фойдаланувчи институтнинг фаолияти ҳақидаги сўров билан ҳам бевосита, ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатлари расмийлаштириладиган ўз вакили орқали оғзаки ёки ёзма (шу жумладан, электрон шаклда) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
  5. Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситаларининг институтнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун сўрови, шунингдек, мансабдор шахслар билан суҳбат (интервью) ташкил этиш тўғрисидаги сўрови етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади.

Агар сўров институтнинг ваколатига тааллуқли бўлмаса, у сўровни рўйхатга олинган кундан эътиборан уч кун ичида сўралаётган ахборотни бериш қайси орган ваколатига киритилган бўлса, шу органга юборади ва бу ҳақда фойдаланувчини хабардор қилади.

Агар институт олинган сўров бўйича бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг ваколати ҳақида маълумотларга эга бўлмаса, унда сўров рўйхатга олинган кундан эътиборан уч кун ичида фойдаланувчига тегишли жавоб йўлланади.

  1. Фойдаланувчининг институтнинг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўрови рад этилган тақдирда, фойдаланувчига рад этиш сабаблари асослантирилган ҳолда тегишли жавоб йўлланади.
  2. Жисмоний шахснинг сўровида фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида мазкур сўровни амалга ошираётган ташкилотнинг номи, юридик манзили, мансабдор шахснинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилиши, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ахборотдан фойдаланувчининг юқорида кўрсатилган, шахсини билиш имкониятини берувчи маълумотларни ўз ичига олмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Сўров институт номига ёки унинг сўровда қўйилган масалалар юзасидан ахборот бериш ваколатига кирадиган мансабдор шахси номига йўлланади.

Белгиланган тартибда берилган сўров кўриб чиқилиши шарт.

  1. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг институтнинг фаолияти тўғрисидаги сўровларини кўриб чиқиш чоғида фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини камситувчи маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

 

 

III. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровлари ҳаракати ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиш

 

  1. Ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровларни кўриб чиқиш сўровни амалга ошираётган ахборотдан фойдаланувчига барча сўралаётган ахборот тақдим этилганидан ва улар кўриб чиқиш учун топшириқ берган раҳбарнинг назоратидан чиқарилгандан кейингина тугалланган деб ҳисобланади.
  2. Ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровларга жавобларга раҳбариият резолюцияга мувофиқ бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан имзоланади.
  3. Ахборот тақдим этиш ҳақидаги сўровга оғзаки жавоб берилган ҳолларда рўйхатга олиш карточкасига тегишли ёзув ёзиб қўйилади.
  4. Кўриб чиқиш материаллари асосида масъул ижрочи ёки назоратни амалга оширувчи шахс кўриб чиқиш натижалари ҳақида сўровни кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берган раҳбарга назоратдан чиқариш учун маълумот беради.

Кўриб чиқишга доир барча материаллар тизимлаштириш ва архив ҳамда ахборот-кутубхонада сақлашини ташкил этиш учун Ички назорат ва мониторинг бўлимига топширилади.

 

  1. Ахборотдан фойдаланувчиларни шахсан қабул қилиш

 

  1. Ахборотдан фойдаланувчиларни институт раҳбарияти ва бу ишга ваколат берилган мансабдор шахслар томонидан белгиланган жадвалга мувофиқ кунлар ва соатларда амалга оширилади.
  2. Ахборотдан фойдаланувчиларни қабул қилиш амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар махсус журналда қайд этиб борилади.