Олий таълим муассасалари талабаларига

стипендиялар тайинлаш ва тўлаш

тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

 

Мазкур Йўриқнома Олий таълим муассасаларининг талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

 

Давлат грантлари бўйича ва тўдлов-контракт асосида ўқиётган бакалавриат ва магистратура биринчи курсининг талабаларига стипендия миқдори биринчи ўқув семестрида стипендиянинг базавий миқдоридан 0,5 коэффициентини қўллаган ҳолда белгиланади. Иккинчи ва ундан кейинги семестрларда стипендия табақаланган коэффициентларни қўллаган ҳолда талабаларнинг давомати (рейтинги)га боғлиқ равишда тайинланади.

 

Улгураётган табалаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендия ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тўланади.

Улгураётган талабаларга стипендия тайинлашни стипендия комиссияси қуйидаги тартибда амалга оширади:

Ўқув семестрининг барча фанлари бўйича талабанинг ҳақиқий рейтинги кўрсаткичларини белгилаш учун асос бўлиб белгиланган тартибда тўлдирилган, рейтинг назорати бўйича қайдномалар ёки талабанинг рейтинг дафтарчаси ҳисобланади, улар тенг кучга эгадир.

 

Ўқув семестри мобайнида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларнинг 86-100 фоизини тўплаган талабага 1,0 коэффициенти билан стипендия тайинланади.

Ўқув семестри мобайнида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларнинг 71-85 фоизини тўплаган талабага 0,75 коэффициенти билан стипендия тўланади.

Ўқув семестри мобайнида бир ёки ундан кўп фанлар бўйича энг юқори балларни 55-70 фоиз доирасида тўплаган талабага 0,5 коэффициенти билан стипендия тўланади.

 

Стипендия тўлаш учун стипендия комиссияси тавсия этган талабаларнинг рўйхатлари олий таълим муассасаси ректорининг (унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг) буйруғи билан тасдиқланади.

 

Ўқув семестри учун рейтинг назорати натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзга (бир ёки ундан кўп фанлар бўйича 55% дан кам рейтингга) эга бўлган Олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Белгиланган тартибда академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан кўп фоиз тўплаган) талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этиш муддати тугаганидан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб, талабанинг давомати (рейтинги)га қараб табақалаштирилган коэффициентларни қўллаган ҳолда кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади.

 

Ўқув режаси билан назарда тутилган малака амалиётлари ва таътиллар даврида талабаларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.

 

Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди.

Талаба академик таътилдан қайтганидан кейин унга стипендия тўлаш аввалги миқдорларда жорий ўқув семестрининг охирига қадар тикланади.

 

Илгари маъмурият ташаббуси билан Олий таълим муассасасидан чиқарилган талабалар ўқишга тикланганда мазкур ўқув семестри учун стипендия, стипендия базавий миқдоридан 0,5 коэффициентини қўллаган ҳолда тайинланади.