Click to listen highlighted text!

Elektron qabulxona

Стратегия моҳияти

Институтимизда ҳар душанба куни соат 15:00да профессор ўқитувчи, магистрант ва талабалар билан ўз соҳасининг йирик билимдонлари, воиз, файласуф, машҳур педагог ва санъаткорлар билан учрашув, ижодий мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказиш анъана тусини олганлиги рост.

13 ноябрь куни худди шу вақтда ТИҚХММИ маданият саройида “Гуманитар фанлар” кафедрасининг профессори, муқтадир олим, фалсафа фанлари доктори Назаров Қиёмиддин Нормирзаевичнинг «Тараққиёт стратегиялари: фикр ва ғоя, сўз ва амал бирлиги” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир модератори сифатида Раҳимбой Жуманиёзов мавзунинг долзарблиги борасида сўз очиб, тараққиёт ҳаёт йўлланмаси эканини эътироф эта туриб, сўз ва амал бирлиги инсон фаолиятининг муҳим мезони бўлишини таъкидлаб ўтди. Сўнгра устоз олим Қиёмиддин Назаровга сўз бердилар.

Улар ўз чиқишларида ҳаётий ва тарихий мисоллардан келтириб аудиториянинг диққатини жалб этдилар. Теран фикр, далилланган мушоҳадалар ва жонли нутқ ирод этиш устознинг ўзига ҳам завқу шавқ бахш этди. Стратегия, ғоя ва фикрнинг шаклланиши ҳамда унинг турлари ҳақида атрофлича мулоҳазаларни билдириб ўтдилар.

СТРАТЕГ (юнонча   “stratos” – лашкар, қўшин, “аgо” етаклайман, бошқараман, эргаштираман) – Қадимги Юнонистонда кенг ҳуқуқларга эга бўлган ҳарбий раҳбар, лашкарбоши. Ҳозирги даврда “Стратег” тушунчасининг мазмуни анча кенгайган ва нафақат ҳарбий, балки давлат бошлиқлари ва жамоат арбобларига нисбатан ҳам қўлланилади.

Платоннинг “Давлат”, Аристотелнинг “Сиёсат”, Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”,  Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, Амир Темурга нисбат бериладиган “Темур тузуклари” каби асарлар стратегия тарихи ва назариясида катта аҳамиятга эга.

 

Илм-фанда стратегмалар тарихи Қадимги Хитой мутафаккирлари Лао-цзи, Конфуций, Мэн-цзи ва бошқалар  мероси билан боғланади.  Гарчанд Хитой тилида “С” тушунчаси йўқ бўлсада, уни   хитойча  “цзи” иборасида назарда тутилган мазмун тўғри ифодалайди, деб ҳисобланади. Бу борада Қадимги Хитой мутафаккири Лао-цзи қарашлари асосида шаклланган дао фалсафаси стратегемли фикрлашнинг ёрқин намунасидир. Унга кўра дао инсон туғилганидан сўнгги нафасигача босиб ўтадиган ҳаёт сўқмоғи, умри бўйи излайдиган ва ҳаракатлари натижасида  эришиладиган мақсадларга олиб борадиган йўлдир. Ҳар бир киши бу йўлдан борар экан ана шу мақсадларни тўғри белгилаши ва улар томон собитқадамлик билан бориши лозим. Бу йўлда одамзотини йўлидан адаштиришга, ўз йўлига солишга интиладиганлар, чалғитадиганлар бўлиши табиий. Шу нуқтаи назардан, Лао-цзи жамоавий фикрни эмас шахсий интилишни, жамоавийликни эмас индивидуалликни, анъанавийликни эмас янгиланишни, конформизмни эмас шахсий ташаббускорликни эъзозлайди.

Бу борада Лаодан кўра сал илгарироқ яшаган ва янада машҳурроқ бўлган доно файласуф Конфуций қарашлари   жамият тараққиёти ва халқ тафаккури учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Лаодан фарқли равишда Конфуций асарлари ва у томонидан яратилган стратегияларда жамоавийлик элементлари кучлироқ намоён бўлади. Унинг “Табиат — барчамизнинг онамиз, онага хиёнат қилиш – қабоҳат, уни авайлаш эса барчамизнинг  бурчимиздир”,  “Жамият – умумий хонадон, унинг тартиблари – муқаддас қонун, уларга амал қилиш эса барча учун энг  асосий масъулиятдир”,   “Фаровонлик – мақсад, тинчлик ва барқарорлик – унга етиш учун шарт-шароит, ислоҳотлар эса бунга эришишнинг энг асосий воситасидир”, деган мазмундаги стратегиялари нафақат Қадимги давр, балки ҳозирги замонавий Хитой халқининг ҳам қалби ва онгига сингиб кетган. Хитойда ана шундай мезонлар   таъсирида шаклланган  баъзи  ислоҳотлар стратегиялари  юз йилгача давом этган ва улар бир неча авлод томонидан амалга оширилган. Шу жиҳатдан, конфуцизмнинг икки минг йил давомида Хитой халқининг давлат мафкураси бўлиб келгани ҳам асло тасодиф эмас.

Ана шу ва бошқа манбаларга кўра, Қадимги Хитойда стратегияларга оид 4 мингдан зиёд трактатлар битилган. Бу шунчаки қизиқиш натижаси эмас эди, албатта. Хитой тарихи кўрсатадики, бу ўлкада ўзаро низолар, урушлар, тож-тахт учун кураш, князликларнинг бир-бирини талаши кўп бўлган. “Ҳаёт-курашдир” деган машҳур иборани хитойликлар тарқатган бўлса ажаб эмас. Улар учун ушбу курашда ҳар доим куч, қурол эмас, балки қувлик, айёрлик усуллари ва воситалари мажмуи маъқул бўлган, хитойликлар стратегиялар билан ғолиб чиқиш мумкинлигини яхши билганлар. Зўравонлик билан итоат эттирилган юрт, вилоят бир кунимас бир куни бош кўтаришини, ёвузлик, даҳшатга солиш ёки ўзига бўйсундириш мақсадида алдаш узоқ давом этиши мумкин эмаслигини англаб етганлар. Шу тариқа стратегияларга баъзи ҳолларда ҳийла  билан зўравонликдан халос бўлиш, бошқа бир ҳолларда эса улар ёрдамида бошқаларни ўз мақсадига хизмат қилдириш, бўйсундириш усуллари сифатида қараш шаклланган.

Кўпчилик, кимда куч, орқасида мадад, зарур имкониятлар бўлса у жангда ҳам, ҳаётда ҳам ғолиб яшайди, барча мақсадларига эришади, деб ҳисоблайди. Аммо ҳарбий юришлар тарихи ва кундалик ҳаёт кўрсатадики, куч эмас ақл, имкониятлар эмас қувлик, ҳийла ишлата олган ютади. Қув, ақл, ҳийла билан энг кучли рақибни мот этиш, энг мураккаб вазиятдан қутулиш мумкин. Халқ беҳуда “Чораси йўқ нарса йўқ” демайди. Чалғитувчи хабарлар тарқатиш стратегиясидан сиёсат, бизнес, савдо-сотиқ соҳаларида жуда кўп фойдаланишади. Арзимаган нарсани улкан ютуқлар даражасида мақташ, популистик ваъдалар бериш, реал ҳолатни, мавжуд муаммоларни кишилардан яшириш, “замона қаҳрамонлари”ни яратиш, ўйин-кулги ва бошқаларни тарғиб қилиб, аҳолини сиёсий жараёнларга аралашишдан чалғитиш кабилар ушбу стратегияга мисоллардир.

 

Тадбир ниҳоясида очиқ маърузани диққат билан тинглаб завқ олган институтимиз ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич чуқур билим ва маълумотлари учун профессор Қиёмиддин Назаровга иштирокчилар номидан ўз миннатдорчилигини билдирдилар. Бу анъана янада бардавом бўлишига ишонч билдириб ўтдилар.

“Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Асрорович Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов.

 

 

KONTAKTLAR

Toshkent shahar,
Qori Niyoziy ko'chasi, 39-uy
Qabulxona:
Telefon: (998) 71 237-46-68
Email: admin@tiiame.uz; tosh.imi@agro.uz

Devonxona
Ish tartibi: 08:30 - 16:30
Telefon: (998) 71 237-19-31
Fax: (998) 71 237-38-79
Avtobuslar: 89, 95, 2, 58, 88, 17, 38, 98
Metro: Hamid Olimjon bekati

Matnda xatolikni ko'rdingizmi? Sichqoncha bilan xato matnni belgilang va CTRL+ENTER tugmalarini bosing.

Ishonch telefonlari

 +99871 237 19 36  +99871 237 09 75

Система Orphus

Karta

Click to listen highlighted text!